DAVLAT TEST MARKAZI

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi

DAVLAT TEST MARKAZI

Me`yoriy-huquqiy hujjatlar loyihasi

RSS
  • «Таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ лойиҳаси

    «Таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ loyuhasi. Qaror loyihasiga o‘z takliflaringizni info@dtm.uz manziliga jo‘natishingiz mumkin.

     

    ЛОЙИҲА

     

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

    қарори

    Таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

    Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»  2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 18 июлдаги 515-сон қарорига мувофиқ таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонлар учун ушбу муассасаларнинг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

    1. Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонлар учун ушбу муассасаларнинг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизми тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    2. Интизомий жазо чоралари қўлланиладиган раҳбар ва педагог ходимлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонларга йўл қўйган раҳбар ва педагог ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга, таълим муассасалари раҳбариятига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилиши белгилансин.

    4. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари тегишлилиги бўйича қўлланилган интизомий жазо чоралари ҳақидаги маълумотномаларни тақдимнома олинган кундан бошлаб бир ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этсинлар.

    5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этишни ва ушбу қарор талабларини сўзсиз бажарилиши юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.

    6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

    7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклатилсин.

     

     

     

     

    Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил

    _________даги ____-сон қарорига

    1-илова

     

    Таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонлар учун ушбу муассасаларнинг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизми тўғрисидаги

    НИЗОМ

    1-боб. Умумий қоидалар

    1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»  2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 18 июлдаги 515-сон қарорига мувофиқ таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига топширилган лавозимда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун шахсий жавобгарлигини ошириш, таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонлар учун ушбу муассасаларнинг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш механизмини белгилайди.

    2-боб.  Таълим сифатини назорат қилишда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлар бўйича раҳбар ва педагог ходимларга интизомий жазо чораларининг қўлланилиши

    2. Аттестация комиссияси томонидан таълим сифатини таъминлашдаги камчиликлар ва нуқсонлар таълим муассасаларининг охирги уч йиллик фаолиятини комплекс таҳлил этиш асосида аниқланганда, таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

    3. Йўл қўйилган айбли ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

    ҳайфсан;

    лавозим маошининг эллик фоизигача миқдорда жарима;

    меҳнат шартномасининг тўхтатилиши (лавозимдан озод қилиш).

    4. Таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларига қуйидаги кўрсатгичлар асосида интизомий жазо чоралари қўлланилади:

    а) Мактабгача таълим муассасаларида:

    таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги бўйича таълим муассасасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги, таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилмаганлиги ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасасида ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича амалий чора-тадбирларнинг тўлақонли бажарилмаслиги назоратга олинмаганлиги, ижро интизомига қатъий амал қилинмаганлиги, шунингдек, ҳужжатлар ижроси бўйича йиғма жилдларда хатоликлар аниқланганда мактабгача таълим муассасаси мудирига лавозим маошининг 50 фоизи, мактабгача таълим муассасалари тарбиячи-методистига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    тарбияланувчиларнинг таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириш даражаси бўйича мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбиясига қўйиладиган давлат талабларига асосан ўтказилган назорат ишларининг натижалари асосида Комиссия томонидан таълим муассасаси тарбияланувчиларининг билим, кўникма ва малака (тасаввур, тушунчалар) тайёргарлиги даражасига баллар мезон талабларига асосан жисмоний ривожланиши, нутқ ва тафаккурининг ривожланиши ва маънавий-маданий етуклик бўйича тарбияланувчиларнинг 55 фоиздан кам қисми назорат ишларини ижобий баҳоларга бажарса, мактабгача таълим муассасаси раҳбариятига лавозим маошининг 50 фоизи ва масъул тарбиячисига лавозим маошининг 30 фоиз миқдорида жарима қўлланилади.

    таълим муассасаси тарбиячи педагог кадрлари салоҳияти бўйича раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифалари тақсимотининг малака талабларига мувофиқ келмагаганда ва тарбиячи-педагог кадрлар салоҳиятининг пастлиги аниқланганда мактабгача таълим муассасасасининг мудирига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    болаларнинг жисмонан ва ақлий ривожланиши учун ўйинчоқлар, услубий қўлланма ва болалар адабиёти билан тўлиқ таъминланмаганлиги, спорт майдончалари ва зарур шароитларнинг яратилмаганлиги, овқатланиш ҳамда дам олиш хоналарининг белгиланган санитария-гигиеник ва эстетик талабларга мос келмаслиги ва улардан фойдаланиш ҳолати қониқарли бўлмаган ҳолат аниқланганда мактабгача таълим муассасаси мудири ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячи-методистига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    б) Умумий ўрта таълим муассасаларида:

    таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги бўйича таълим муассасасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланиши, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таълим муассасаси бошқарувига татбиқ этилиши, таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилиши, ташкилий ва бошқарув ҳужжатларининг юритилиши, ўқув-педагогик ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши ва юритилиши, йиллик иш режанинг бажарилишида камчилик ва нуқсонлар аниқланганда умумий ўрта таълим мактаби директори ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги аттестация комиссияси томонидан ўтказиладиган назорат ишлари орқали баҳоланади ва битирувчиларнинг 60 фоиздан кам қисмининг назорат ишлари ижобий баҳоланса ёки ўқувчиларнинг 50 фоиздан кам қисмининг назорат ишлари ижобий баҳоланса, умумий ўрта таълим мактаби директорига лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида, ўқув ишлари бўйича ўринбосарига 30 фоиз миқдорида ва тегишли фан ўқитувчиларига 10 фоиз жарима қўлланилади;

     ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланишида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун умумий ўрта таълим мактаби директори, ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва ахборот ресурс маркази раҳбарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    педагог кадрлар салоҳияти бўйича таълим муассасалари педагог кадрлари салоҳиятининг пастлиги, раҳбар ва педагог кадрлар лавозим вазифалари тақсимотининг малака талабларига мувофиқ келмаслиги аниқланганда, умумий ўрта таълим мактаби директори ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    таълим жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги бўйича таълим муассасалари ўқув-тарбиявий жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва технологияларининг жорий этилишида, компьютер билан таъминланишида ва ундан фойдаланиш ҳолатида, ахборот технологияларининг жорий этилишида, намунавий ўқув дастури ва ўқув-мавзуий режаларда тавсия этилган лаборатория ишларининг ишчи тақвим-мавзуий режаларга киритилганлигида ҳамда бажарилган лаборатория ишларининг сони ва сифатида хато ва камчиликлар бўлганда, умумий ўрта таълим мактаби директори, ўқув ишлари бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи ва лаборатория ўқитилиши кўзда тутилган фан ўқитувчиларига 15 фоиз миқдорида жарима қўлланилади;

    моддий-техник базани ривожлантириш давлат дастурининг бажарилиши, бинолар ва ҳудуднинг ҳолати, коммуникация воситалари билан таъминланганлиги ва ундан фойдаланиш, маъмурий ва услубий хоналар ҳолати, ўқув майдонларининг талабларга мослиги, хоналарнинг ўқув мебели ва ўқув-техник воситалар билан таъминланганлиги, фан йўналиши бўйича синф хоналарининг ўқув-кўргазмали қуроллар билан таъминланганлиги, маъмурий ва услубий хоналарнинг мебель ва техник воситалар билан, мавжуд ошхоналарнинг жиҳозлар билан тиббиёт хонасининг зарур жиҳозлар ва дори-дармонлар билан таъминланганлиги бўйича хато ва камчиликлар аниқланганда умумий ўрта таълим мактаби директори, ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилиш ва бажарилиши, маънавият ва маърифат хонасининг жиҳозланиши, тўгараклар фаолияти, ҳамкорлик ишларида камчилик ва нуқсонлар аниқланганда умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларида камчилик ва нуқсонлар аниқланганда умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи, психологга 20 фоиз миқдорида жарима қўлланилади;

    рейтинг баҳолаш бўйича камчилик ва нуқсонлар аниқланганда умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    в) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида:

    ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилмаганлиги аниқланганда, таълим муассасаси директори, тегишлилиги бўйича директор ўринбосарлари, тегишли бўлим бошлиқлари ва фан ўқитувчиларига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    таълим муассасаси таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланмаганлиги аниқланганда ёки улар таълим-тарбия жараёнига жорий этилмаганлиги аниқланганда таълим муассасаси директори, директор ўринбосарлари, тегишли бўлим бошлиқлари ва директор буйруғи билан тегишли вазифаларга масъул қилиб бириктирилган педагог ходимларга нисбатан лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси (билими) бўйича назорат ишлари ўтказилган ҳар бир фандан ижобий натижаларни олган ўқувчилар салмоғи 55 фоиздан кам бўлганда тегишли фан ўқитувчилари ва бўлим бошлиқлари ҳамда тегишлилиги бўйича директор ўринбосарига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    педагог, муҳандис-педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг сифат таркиби талаб даражасида бўлмаганда, бунда тегишли фандан таълим бераётган педагогнинг таянч маълумоти фанга мос бўлмаганлиги, педагог кадрлар билан тўлиқ таъминланлаш бўйича чоралар кўрилмаганлиги аниқланганда таълим муассасаси директори, тегишлилиги бўйича директор ўринбосарлари ва ходимлар бўлими назоратчисига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ўқув режадаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, луғат, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарслик)нинг мавжуд эмаслиги ва фонднинг улар билан тўлдириш бўйича ҳаракат суст ёки ҳаракатсизликлар аниқланганда, таълим муассасаси директори, тегишлилиги бўйича директори ўринбосарлари ҳамда маърузалар тўплами, услубий қўлланмаси мавжуд бўлмаган фан ўқитувчиларига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    мавжуд ўқув-лаборатория жиҳозлари, дастгоҳ, асбоб-ускуна ва техникаларнинг ўқув жараёнида ишлатилиши талаб даражасида бўлмаганлиги аниқланганда директор, тегишлилиги бўйича директор ўринбосарлари, тегишли фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига нисбатан лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    замонавий педагогик ва ахборот технологияларига асосланган дарс усули ҳамда уларга доир тарқатма материаллар, технологик хариталарнинг мавжуд бўлмаганлиги аниқланганда тегишли фан ўқитувчиси ва директор ўринбосарларига нисбатан лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш даражаси 0-10 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида, 10-20 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида, 20-30 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, 30-40 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида, 40-50 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ишга жойлашиш даражаси 0-10 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида, 10-20 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида, 20-30 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, 30-40 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида, 40-50 фоизгача бўлганда лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    маънавий-маърифий ишларнинг режа асосида ташкил этилмаганлиги ва унинг самараси паст эканлиги аниқланганда, маънавий-маърифий ишлари бўйича директори ўринбосарига нисбатан лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    г) олий таълим муассасаларида:

    аттестацияга жалб этилган муайян бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислигини давлат таълим стандарти, ўқув режаси, фанларнинг ўқув дастурлари, ишчи ўқув режаси, ишчи ўқув режасида келтирилган барча фанларнинг ишчи ўқув дастурлари билан таъминлашда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлар учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори), ўқув ишлари бўйича проректори (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари), ўқув-услубий бошқарма (бўлим) бошлиғи, тегишли факультет декани, ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари, тегишли кафедра мудири ва кафедра  профессор-ўқитувчилари интизомий жазога тортилади. Бунда давлат таълим стандарти мавжуд бўлмаганда олий таълим муассасаси ректорига лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги ўқув режа билан таъминланмаганлиги аниқланганда олий таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича  проректори (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги ўқув режасидаги фанлар ўқув дастурлар билан таъминланмаганлиги  аниқланганда олий таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича проректори (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Ишчи ўқув режаси тегишли вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режада қўйилган талабларга мувофиқ бўлмаганда ишчи ўқув режага имзо қўйган шахсларга лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Ишчи ўқув режасида келтирилган фанларнинг ишчи ўқув дастурлари ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилмаганлиги аниқланганда, ушбу фанларни ўқитишга масъул бўлган кафедра мудири, ушбу фанларнинг ишчи ўқув дастурларини ишлаб чиққан профессор-ўқитувчилар ва тегишли факультет деканига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Календарь-тематик режалар, дарслар жадвали, ишчи ўқув дастурларида белгиланган дарс соатларининг ишчи ўқув режада белгиланган дарс соатларига мувофиқлиги таъминланмаганлиги ёки мазмуни мос келмаганлиги аниқланганда ушбу фанлардан машғулот олиб борадиган профессор-ўқитувчиларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими)ни аниқлаш жараёнида  аттестацияга жалб этилган таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислигидаги танланган фандан назорат ишларида талабаларнинг ижобий баҳоланганлари салмоғи (умумий баллнинг 55 фоизидан юқориси) 70 фоиздан кам бўлганда, ушбу фан ўқитувчисига  лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, фанни ўқитишга масъул бўлган кафедра мудирига, ўқув ишлари бўйича проректор (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари)га ва  ўқув ишлари бўйича декан ўринбосарига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими) муайян таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислигидаги барча танланган фанлардан назорат ишларида талабаларнинг ижобий баҳоланганлари салмоғи 70 фоиздан кам бўлса, яъни, ушбу мезон бўйича таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги аттестациядан ўтмаса тегишли факультет декани ва ўқув ишлари бўйича проректор (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади ёки уларнинг эгаллаб турган лавозимда бўлишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклиф киритилади;

    кафедралар илмий-педагогик кадрларнинг мутахассислиги дарс берадиган фанига мос эмаслиги аниқланганда тегишли кафедра мудири, факультет декани, ўқув ишлари бўйича проректори (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари), ўқув бўлими (бошқарма) бошлиғи, ходимлар бўлими бошлиғига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)га лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    талабаларни ишчи ўқув режадаги фанлар ўқув дастурларида кўрсатилган асосий дарслик ва ўқув қўлланмалар (жумладан, электрон дарсликлар) билан таъминланганлик даражаси мезон талабига мос бўлмаганда ушбу фанларни ўқитишга масъул бўлган кафедра мудирига, ўқув ишлари бўйича проректор (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари)га, молия ва иқтисод масалалари бўйича проректор(филиал молия ва иқтисод масалалари бўйича директор ўринбосари)га ва Ахборот-ресурс маркази раҳбарига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)га лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ҳар бир таълим йўналиши ёки мутахассислиги ўқув режасига биноан лаборатория машғулотлари мавжуд бўлган фанлар бўйича режалаштирилган лаборатория ишларининг услубий кўрсатмалар билан 100 фоиз таъминланмаганлиги ёки (ва) бажарилмаганлиги аниқланганда ушбу фанларни ўқитишга масъул бўлган кафедра мудири, ўқув ишлари бўйича проректор (филиал ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари), тегишли факультет декани, ўқув ишлари бўйича декан ўринбосарига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида, лаборатория жиҳозлари етишмаганда молия ва иқтисод масалалари бўйича проректор (филиал молия ва иқтисод масалалари бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорлик талабга жавоб бермаслиги аниқланганда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бўйича проректор (филиалнинг тегишли директор ўринбосари) га лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    талабалар бажараётган битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари танлаб ўрганилганда, уларга қўйилган талабларга мувофиқ бўлмаганлиги аниқланганда тегишли мутахассис чиқарувчи кафедра мудири, раҳбарлик қилган профессор-ўқитувчиларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан содир этилган қонунбузарлик ва жиноятлар ҳолати (ҳуқуқ-тартибот органлари расмий маълумотлари асосида) аниқланганда, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (филиал маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 30 фоизи, маънавий-ахлоқий тарбия ҳамда иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғига лавозим маошининг 25 фоизи, маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосарига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Олий таълим муассасидаги маънавий-маърифий фаолият қониқарсиз деб топилганда, маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (филиал маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари)га лавозим маошининг 50 фоизи, маънавий-ахлоқий тарбия ҳамда иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғига лавозим маошининг 30 фоизи, маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосарига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    олий таълим муассасаси «Аттестациядан шартли ўтди» деб эътироф этилганда, олий таълим муассасасининг проректорлари (филиал директор ўринбосарлари), аттестациядан ўтмаган йўналишлар ва мутахассисликларга масъул деканлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади ёки уларга ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади. Тегишли мутахассис чиқарувчи кафедралар мудирларининг ўз вазифаларини қониқарсиз бажараётганликларини қайд этиб, олий таълим муассасаси ректорига келгусида уларнинг кафедраларни бошқариши ёки бошқармаслиги масаласини олий таълим муассасаси Кенгашига киритиш бўйича таклиф киритилади ҳамда ректор (директор)га нисбатан ойлик маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    д) олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида:

    аттестацияга жалб этилган ихтисослик бўйича сўнгги 3 йилда таянч докторантура ёки докторантурани битирганлар ва улардан фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини ҳимоя қилганлар ҳамда илмий кенгашга ҳимояга тақдим этганлар сони 10 фоиздан кам бўлганда, яъни ихтисосликка нисбатан «Аттестациядан ўтмади» деган қарор қабул қилинганда Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаси раҳбарига лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    е) кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида:

    давлат талаблари, ўқув дастурлари (ўқув режа ва фан дастурлари) мавжуд бўлмаганда, таълим муассасаси раҳбариятига (ректор (директор), декан, бошлиқ ва бошқалар)га лавозим маошининг 50 фоизи, ўқув ишлари бўйича проректори (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, декан ўринбосари, бошлиқ ўринбосари ва бошқаларга) лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    «Аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари масъулларига лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    таълим муассасаси «Аттестациядан шартли ўтди» деб эътироф этилганда таълим муассасаси раҳбариятига (ректор (директор), декан, бошлиқ ва бошқалар)га лавозим маошининг 50 фоизи, ўқув ишлари бўйича проректори (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, декан ўринбосари, бошлиқ ўринбосари ва бошқаларга) лавозим маошининг 30 фоизи, кафедра мудирларига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.

    календарь-тематик режалар, дарслар жадвали, ўқув дастурларида белгиланган дарс соатларининг бажарилиши таъминланмаганлиги ёки мазмуни мувофиқ келмаганлиги аниқланганда ушбу фанлардан машғулот олиб борадиган профессор-ўқитувчиларга лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;

    5. Бир нафар раҳбар ёки педагог ходимга қўлланиладиган жариманинг умумий миқдори лавозим маошининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.

    Раҳбар ва педагог ходимга нисбатан бир йил муддат ичида илгари икки марта интизомий жазо қўлланилган бўлса, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қўлланилган жазо ходимнинг лавозимидан озод этиш чораси билан алмаштирилиши мумкин.

    6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича тайёрланган хулосалар асосида тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга ҳамда таълим муассасалари раҳбарларига интизомий жазони қўллаш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.

    7. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари тегишлилиги бўйича қўлланилган интизомий жазо чоралари ҳақидаги маълумотномаларни тақдимнома олинган кундан бошлаб бир ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этади.

    8. Интизомий жазо чоралари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида назарда тутилган муддатларда қўлланилади.

     

    3-боб. Якунловчи қоида

    9. Интизомий чоралар ижроси учун тасарруфида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари жавоб беради.

    10. Интизомий жазо қўлланилиши тўғрисидаги қарор юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

     

     

     

    Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил

    _________даги ____-сон қарорига

    2-илова

     

    Интизомий жазо чоралари қўлланиладиган раҳбар ва педагог ходимлар

    рўйхати

     

    Мактабгача таълим муассасалари бўйича:

    1.     Мактабгача таълим муассасаси мудири;

    2.     Мактабгача таълим муассасаси тарбиячи-методистлари.

    Умумий ўрта таълим муассасалари бўйича:

    1.     Умумий ўрта таълим муассасаси директори;

    2.     Умумий ўрта таълим муассасаси директор ўринбосарлари;

    3.     Умумий ўрта таълим муассасаси педагоглари;

    4.     Психолог.

    Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари бўйича:

    1.     Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаси директори;

    2.     Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаси директор ўринбосарлари;

    3.     Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаси бўлим бошлиқлари;

    4.     Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаси ўқитувчилари;

    5.      Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаси ишлаб чиқариш таълими усталари.

    6.      Ходимлар бўлими назоратчиси;

    7.      Психолог

    Олий таълим муассасалари бўйича:

    1.     Олий таълим муассасаси ректори (филиал директори);

    2.     Олий таълим муассасаси проректорлар (филиал директор ўринбосарлари);

    3.     Олий таълим муассасаси бошқарма (бўлим) бошлиқлари;

    4.     Олий таълим муассасаси факультет деканлари;

    5.     Олий таълим муассасаси факультет декани ўринбосарлари;

    6.     Олий таълим муассасаси кафедра мудирлари;

    7.     Олий таълим муассасаси профессор - ўқитувчилари.

    Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасалари бўйича:

    1.     Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаси раҳбари;

    2.     Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаси раҳбар ўринбосарлари;

    3.     Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаси бўлим бошлиқлари;

    4.     Олий ўқув юртидан кейинги таълим муассасаси илмий ходимлари.

    Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари бўйича:

    1.     Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаси ректори (директори, декани, бошлиқ ва бошқалар);

    2.     Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаси проректорлари (директор ўринбосарлари ва бошқалар);

    3.     Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаси бўлим бошлиқлари;

    4.     Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаси кафедра мудирлари;

    Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаси профессор - ўқитувчилари.

     

    Qaror loyihasi matni [pdf, 152 Kb]

     2017-01-27

    Прочитали: 438

    to'liqroq

Pochta xizmati

Yangiliklar taqvimi
Sentabr 2017
 
DuSeChPaJuShYa
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  
TASHRIFLAR TAHLILI
Obuna
Siz bizning yangiliklarga a`zo bo`lishingiz mumkin

Obuna bo`lish
Murojaat
Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali
Murojaat kelib tushdi 185
Yakunlangan 150
Qayta ishlash jarayonida 17
Rad etildi 18
Ishonch telefoni orqali
Murojaat kelib tushdi 712
Yakunlangan 712
(22.09.2017 yil holatiga)
SHRIFT O'LCHAMI
AXBOROT RESURSLARI
So'rovnoma
So'rovnoma