“Узлуксиз таълим тизимида профессор-педагоглар таркибини ва раҳбар кадрларни аттестациядан ўтказиш” бўлими (кейинги ўринларда Бўлим) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тузилмасининг таркибий қисми бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 293-сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида ташкил этилган. Бўлим мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасалари профессор-педагоглар таркибини ва раҳбар кадрларни аттестациядан ўтказишни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш ишларига масъулдир.
Узлуксиз таълим тизимидаги профессор-педагоглар таркибини ва раҳбар кадрларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган жадвали бўйича амалга оширилмоқда.
2006-2008 йиллар давомида қуйидаги ишлар амалга оширилди: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-сонли қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан “Халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари” ва “Раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисида” Низомлар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
«Раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисида Низом» асосида Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбар кадрлари ва педагог ходимлари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари раҳбарларини аттестациядан ўтказишга Йўриқнома ва мезонлар ишлаб чиқилди.
Педагог кадрлар аттестацияси икки босқичда ўтказилди: биринчи босқичда педагог кадрлар фаолияти эксперт гуруҳлари томонидан ўрганилди ва малака тоифалари бериш ҳақида тавсиялар берилди. Иккинчи босқичда аттестация комиссиялари томонидан малака тоифалари бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Аттестацияга жалб қилинган 334 064 (74,1%) нафар педагогдан 128 926 (38.6%) нафарини малака тоифаси оширилди, 174 294 (52,2%) нафар педагог ўз малака тоифасини тасдиқлашган бўлса, 30 844 (9,2%) нафар педагогнинг эса малака тоифалари пасайтирилди. Аттестация натижаларига кўра 19 755 (5,9%) нафар педагогларга “Олий”, 88 637 (26,5%) нафарига “биринчи”, 193 976 (58,1%) нафарига “иккинчи”, 31 696 (9,5%) нафарига “мутахассис” малака тоифалари берилди. Аттестация натижаларига кўра малака тоифалари берилган педагогларга “Малака тоифаси тўғрисида СЕРТИФИКАТ” лар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 февралдаги “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 25-сонли қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги 15 та Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва битта Марказ профессор-ўқитувчилари аттестацияси ўтказилди.
Аттестация жараёни уч босқичда, яъни профессор-ўқитувчиларнинг илмий-методик ишлари динамикаси, идоравий-меъёрий ҳужжатлар мазмуни, маънавий-маърифий ва психологик-педагогик соҳаларга оид тест синовлари ҳамда лавозим вазифалари ва касбий маҳоратига тегишли суҳбат жараёнидан иборат ҳолда ташкил этилди.
Аттестация жараёнига жалб қилинган 456 нафар профессор-ўқитувчидан 346 (75,9 %) нафари “Эгаллаб турган лавозимига мос келади”, 110 (24,1%) нафари аттестация натижасига кўра “Эгаллаб турган лавозимига мос келмайди” деб топилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 165-сонли қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Давлат тест маркази томонидан “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари бўйича Йўриқнома”, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисида Низом” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
“Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисида Низом” асосида академик лицей ва касб-ҳунар коллеж ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарини аттестациядан ўтказишга Йўриқнома ва мезонлар ишлаб чиқилди.
E-mail: info@dtm.uz